00:33
Қўшхотинликка муносабат!

Охирги пайтда қўшхотинлик масаласи, ислом динининг муносабати, бугун унга қандай қарашимиз лозимлиги борасида жуда кўп мулоҳазалар, баҳс-мунозаралар бўлмоқда. Шариатда бунга нима дейилгани тўғрисида баҳслар, Қуръон ва ҳадислар матнлари устидаги ҳар хил мулоҳазалар кўпайди. Айниқса, бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг имом-домлалар билан ўтказган учрашувларида қўшхотинликка билдирган салбий фикрлари ва иккинчига шаръий никоҳ ўқиган имом-домлаларни жавобгарликка тортиш ҳақидаги гапларидан сўнг авж олди. Президентимиз бу борада қонун ишлаб чиқилаётганини айтиб ўтдилар. Яқин орада қонун лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилса, ажаб эмас. Бу борада аҳолисининг кўпчилиги мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда ушбу масала қандай ҳал қилинганига ҳам жиддий эътибор қаратиш керак бўлади! Мутахассислар, юрист-ҳуқуқшунослар, руҳшунослар, исломшунослар, ислом уламолари, маҳалла фаоллари, оддий фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари асосида, хусусан, бахти очилмай ўтириб қолган “қариқиз”лар, бевалар, турли сабаблар билан ажрашган – ёлғиз аёллар, шунингдек, иккинчи хотинликка рози бўлиб ўтирган аёллар ўртасида мазкур масала бўйича алоҳида сўровномалар ўтказиш йўли орқали халқнинг барча қатламлари рози бўладиган бир қарорга келинишига шубҳа қилмаса бўлади.

Ҳақиқатдан ҳам, аҳли илмларга мавзуга оид саволлар жуда кўп берила бошлади, имом-домлалардан сўраб-суриштиришлар кўпайди. Телевидениеда бу ҳақида алоҳида кўрсатувлар ҳам бўлди. Интернетда, ижтимоий тармоқларда ёзма ва оғзаки сўрашлар кўпайгани боис айрим мулоҳазаларни билдириш керакмикин, деб қолдим.

Ҳозирги ҳолат

Мавзу қўшхотинлик орқасидан чиқиб келган айрим нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун кўзланаётган чоралар ҳақида бўлмоқда. Зотан, бу айрим ҳолларда хотинини кўпайтириб олганларнинг биринчи оилалари барбод бўлаётгани, уруш-жанжаллар юзага келаётгани, қуда-андачилик, қариндош-уруғчилик бузилиб кетаётгани, ажримлар сонининг ортиб кетгани, фарзандлар отасиз қолаётгани каби нохушликларни йўқотиш ва олдини олиш мақсадида қилиниши лозим ва зарур бўлган чораларни қандай ва қай тариқа амалга ошириш кераклиги ҳақида эди.

Шаръий никоҳни умуман таъқиқлаб қўйиш билан масала ҳал бўлармикин, имом-домлаларимизга иккинчига шаръий никоҳ қилишни таъқиқлаб қўйилса, уруш-жанжаллар ва ажримлар сони камайиши мумкинмикин?! Шаръий никоҳни ман қилсак, зино ва фоҳишабозлик сингари асил миллатимизга зид ҳолатлар кўпаймасмикин?!

Хўп, ажримлар кўпайиб кетаётган экан, айнан уларнинг ҳаммасининг сабаби иккинчига уйланишмикин ёки бошқа сабаблар ҳам бормикин? Ажримларнинг умумий фоизининг неча қисмини бу ташкил қилади? Биринчи хотинидан ташқари иккинчи ёки ундан кўп хотинлар билан бирга бўлиб юрган эркаклар жамиятнинг қанча ҳиссасига тўғри келади-ю, шариатга амал қилиб, шаръий никоҳ ўқитиб иккинчи билан ҳалол юрганлар қанча фоиз экан?

Аслида, шаръий никоҳ илоҳий қонун, фарз амал, минг йиллик ота-боболаримиздан келаётган миллий-диний анъана, қон-қонимизга сингиб кетган мусулмончилигимиздир! Биринчи хотинга уйланаётганда шаръий никоҳ ўқитиш қанчалик фарз ва диний зарурат бўлса, иккинчи ёки учинчига уйланаётганда ҳам шаръий никоҳ қилиш шунчалик фарз ва диний заруратдир. Шаръий никоҳ динимиз шиори, қиёматгача ўзгармайдиган қонуни, оила борасидаги илоҳий дастури ҳисобланади. ЗАГС эса яқинда пайдо бўлган, одамлар томонидан ўйлаб топилган, даврлар ва ҳолатлар тақозосига кўра ўзгартириш ва такомиллаштириш мумкин бўлган қонуниятдир.

Демак, гап шаръий никоҳ ҳақида кетмаяпти. Балки, гап ажримлар, уруш-жанжаллар ва нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳақида кетмоқда!

Ҳозирги одамларга бундан аввалроқ қўшхотинлик бугунги кундагидек яққол кўринмаган бўлса, уни бугунги диний эркинликка боғлашга уринсак хатога йўл қўямиз. Чунки, аввал диндан мутлақо хабарсизлик оқибатида зино, ношаръий ва ноқонуний эр-хотинлик ҳолатлари бўлаверган. Бугун динга эътибор сабабли, имон-эътиқодга қайтиш бўлгани сабабли, маънавий ва маърифат ортаётгани сабабли ўша ношаръий ва ноқонунийликни шаръийлаштиришга уринилмоқда, холос.

Шунингдек, ажримларнинг кўпайиб кетишини “шаръий никоҳ”га боғлашдан кўра, эркаклар сонидан аёлларнинг сони кескин ортиб кетаётганига, одамларнинг ўзларининг шаҳватлари ошиб кетганига, шаҳватга берилиш кўпайганига, қаноатсизлик ва сабрсизлик ортганига, хотинларнинг эрларини кўпроқ ҳурмат қилмай қўйганига, қўшхотинликнинг мумкин эканлиги ҳақидаги ҳар хил маълумотлар кўпайиб кетгани-ю, лекин унинг масъулиятини кам гапирилганига, сериал ва кинолардаги қўшхотинликнинг ҳар хил кўринишлари кўплаб кўрсатилаётганига, интернетдаги шу хилдаги ишларга тарғиб ва ташвиқ қилувчи сайтларнинг кўплигига боғлаш тўғрироқ бўларди, менинг назаримда. Бошқа мусулмон шарқидаги мамлакатларда, биздан кўра анча илгарилаб кетган ривожланаётган давлатларда ҳам қонунан, ҳам шаръан қўшхотинликка рухсат берилганини кўриб-билиб келаётган тижоратчи ва саёҳатчи эркак ва аёлларнинг тафаккуридан ва дунёқарашидан излаш керакдир, балки. Яна шу хилдаги қанчадан-қанча сабаблардан излаш керакдир, балки. Имом-домлаларнинг аҳолининг барча қатламларига, таълим тизимига кириб бориб, никоҳнинг муқаддаслигини гапирмаётганлари, гапира олмаётгани сабабдир, балки. Мактабларнинг юқори синфларида, олий ўқув юртларида диний никоҳнинг шарт-шароитлари, шаръий никоҳнинг муқаддаслиги борасида шу соҳанинг мутахассислари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилмаётганидадир, балки. Аёллар ва эркакларнинг кўча-кўйда, ишхоналарда, жамоат жойларида ўзларини эркин тутишлари, эркин суҳбатларнинг кўплиги бунга сабабдир, балки. Маҳр ва сепларнинг ниҳоятда оғир ва баланд бўлиб кетгани сабабли, енгил бўлишга бўлган интилиш сабабидир, балки. Айнан бизнинг эркакларнинг бошқаларга нисбатан қувватли, қирчиллама экани, бирдан кўп аёлларни боқа олиш ва хурсанд қилишга бўлган қудрати сабабдир, балки.

Демак, юқоридаги сабаблар бирма-бир таҳлил қилинадиган бўлса, қўшхотинликка асло ва мутлақо имом-домлалар ёки “чаламуллалар” (гарчи расмий имом-домлалардан бошқа аҳли илмларни бундай аташ мутлақо хато бўлса ҳам) сабабчи эмас, балки у давр ва замоннинг тақозоси экани ойдинлашади.

Қўшхотинлик давр тақозосими?

Аввало, бугунги қўшхотинлик, кўпхотинлик қаердан пайдо бўлди? Чунки, давр шуни тақозо қилмоқда:

Албатта, бу хотинларнинг эркаклар сонидан кескин ортиб кетиши билан ҳам бўлади. Яъни, шунга талаб бор. Бундан кўз юмиб бўлмайди, албатта. Мана бир мисол: Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалардаги аҳоли сонини ҳисоб-китоб қилиш жараёнида ҳар бир маҳаллада эркакларнинг умумий сонидан ўртача ҳисобда 200 нафарга яқин аёл-қизлар сони кўп экани маълум бўлиб қолди. Бир маҳаллада 1500-2500 нафарга яқин аҳоли бўлса, шундан 150-200 нафар аёл эркакларнинг умумий сонидан кўпроқ экан. Бу хилдаги ҳисобот республика бўйлаб барча маҳаллалар бўйича расмий равишда кўриб чиқилганмикин?

Туғмас аёлларнинг тақдирини ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади. Жамиятда улар ҳам маълум ўринга эга. Хотинининг туғмаслигини билган эркак ёки қайнона уни тутиб туришдан кўра, ҳайдаб юборишни ўзларига эп кўрадилар. Бу хил тақдирдаги аёлларнинг айби нима? Шунингдек, бола кўрмагани ва фарзанд кўра олмаслиги сабабли ажралиб кетишларнинг ҳеч қандай имом-домлаларга алоқаси йўқ. Энди, ана шу оиладан ажралиб қолган аёллар ҳеч бўлмаганда биринчи ёки иккинчи хотин бўлса-да, эрли бўлиб яшашга ҳақлари йўқми? Уларнинг биринчи никоҳини мажбуран тутиб туришнинг ҳам иложи йўқ. Шундай экан, уларга иккинчи турмушга рухсат бериш керакдир, балки. Уларни етим бола асраб олишга ҳам мажбурлаб бўлмайди, албатта.

Менинг ўзим Чорсудаги тўққиз қаватли уйларнинг битта подъездида 11 та ёши ўтиб ўтириб қолган, бева ёки эрдан ажралган, аниқроғи ёлғиз аёл борлигини мушоҳада қилганман.

Савол туғилади: ортиқча аёллар нима қилиши керак? Уларни биринчи никоҳга ким олади? Аёлларнинг эркаклардан кўра кўпроқ умр кўриши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Яъни, демоқчиманки, хотини ўлган эркаклар бу аёлларнинг ҳаммасини ўз никоҳларига ола билмайдилар. Ёш йигитлар эса, одатда, қизлар қолиб, бевага уйланмайдилар. Ота-оналари ҳам ўз ўғилларига биринчи марта бева ёки турмушдан ажралган аёлни олиб бермайдилар. Ҳаммани бир хотинликка мажбур қилинган тақдирда ҳам, жамиятда эркаклар сонидан кўп бўлиб қолган анави аёллар тақдири нима бўлади?

Ёлғиз аёллар жамиятнинг бир муаммосидир. Бу ҳолат барча давлатларда муаммо бўлиб келган. Аёллардаги жиззакилик, тажанглик, стрессга учраш, ўз жонига қасд қилишлар, ҳаётдан безиб кетишлар, ишида ҳам унум бўлмаслик каби ҳолатлар қаердан пайдо бўлмоқда? Улар ҳам эрли бўлишга, оилали бўлишга, бола-чақали бўлишга ҳақлари бор. Бир бола кўрсам бўлди эди, деб орзу қилиб юрган ёлғиз аёлларнинг бугун сон-саноғи йўқ.

Бундан ташқари, эрли аёллар ўз ватанларидаги, маҳаллалардаги бева ва ёлғиз аёллар ҳолини ўйлаб кўрармикинлар?! Ислом тарихидаги энг адолатли ҳукмдорлардан бири Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу ўз даврининг аёллари ўртасида сўровнома ўтказган эканлар. Турмуш қурган аёллар эрсиз неча муддат яшай оладилар, деган маънода. Шунда хотинлар: “Аёллар эрсиз тўрт ой чидашлари мумкин, ундан ортиқ эмас!”, деб иттифоқ қилишган экан! Шунда, Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу аскарларнинг ҳар тўрт ойда бир уйларига бориб келишларига қарор чиқарган эканлар. Бу тарихда бўлган ҳақиқатлар. Ҳозирги замондаги аёллар – мана бу сершаҳват асрда, бузуқлик, очиқ-сочиқлик авж олган дунёда, эркинлик замонида, шаръий мажбуриятларни ҳис қилмаслик даврида қанча муддат чидашлари мумкин экан?! Шундай экан, мазкур ёлғиз аёллар нима қилиши керак? Ана шундай аёллар ўз шаҳватларини ҳалол йўл билан қондиришга ҳақли эмасмилар?

Бугун ўтириб қолган “қари қизлар”нинг аҳволидан хабар оладиганлар борми ўзи? Уларнинг умумий сони қанча экан, уларга уйланиши мумкин бўлган ўзлари тенги йигитлар топилармикин? Қанчадан-қанча қизларнинг турмушга чиқишлари бугун чўзилиб, бахтлари очилмай қолаётганининг сабабини ким тушунтириб бера олади? Оёғи ногиронлиги ёки ўқишни битказиб олиб муддатнинг ўтиб кетганлиги ёки шунга ўхшаш ҳар хил сабаблар билан бугун қанчадан-қанча бокира қизларимиз ота-оналари уйларида бахтини кутиб ўтирганига нима дейсиз? “Қариқиз” бўлиб ўтириб қолаётганига кўзи етган қизларимиз иккинчи хотин бўлиб бўлса ҳам турмуш қуриб қолишга интилаётганини айблаб бўладими?! Бунга имом-домлаларнинг мутлақо алоқаси йўқ.

Сепларнинг ва тўйларнинг ҳаддан ташқари дабдабали ва қимматли бўлиб кетаётгани бунга сабабмикин? Агар шундай бўлса, дабдабали тўй қилаётганларни, сепни ҳаддан ташқари кўп қилаётган ва сўраётганларни жавобгарликка тортиш керакдир, балки. Ана шундай дабдабали тўй ва қимматбаҳо сеп қила олмаслигига кўзи етган ота-оналар ва қизлар дабдабасиз бўлса ҳам, сепсиз бўлса ҳам иккинчи хотинликка ўзлари рози бўлаётганига имом-домлаларнинг айби йўқ.

Узоқ вилоятларнинг узоқ туманларидан бирида у ернинг поликлиникасида ишлайдиган бир дўхтир акамизнинг айтишича, шу туманда ҳар ойдаги абортлар сони 200 атрофида бўларкан! Астағфируллоҳ! Ана энди уни битта туман бўйича эмас, републиканинг барча туманлари бўйича ҳисоб-китоб қилиб кўраверинг. Буни ўйлаб кўриш керак. Энди, бу абортлар шаръий никоҳ орқасидан бўлмаётганининг эҳтимоли жуда катта. Акс ҳолда, ҳалол фарзандини ўз ихтиёри билан ҳеч бир ота-она нобуд қилгиси келмаса керак.

Узоқ мамлакатларга тез-тез тижорат ниятида сафарга бориб келадиган аёл айтади: “Мен беваман. Мен турмуш қуришни истайман. Бироқ, қариндош-уруғ, маҳалла-кўйдан уялганимдан тез-тез четга чиқиб келаман. Чет элда бир хорижлик эркак билан шаръий никоҳ ўқитиб қўйганмиз”. Ушбу аёлнинг айби нимада? Уни четга чиқишдан ман қила оламизми?

Аёли эрта вафот қилиб кетган, ўрта ёшдан ўтиб, қарилик ёшига етиб қолган эркаклар нима қилиши керак? Одатда, бунақа вақтда унга муносиб аёлнинг чиқиши қийин кечади. Уйлангиси келиб ёки отасини уйлантирмоқчи бўлиб юрганлар қанча, лекин улар муносиб аёл топа олмаётганлари сабабли ёлғиз эркак бўлиб, қизлари ва келинларининг қўлига қараб қолган, ичдан ғамгин бўлиб юрганлар ҳолини ҳам ўйлаб кўриш керак эмасми? Ич-ичдан эзилгани сабабли, ғамгин ҳаётда хотинидан кейин бир неча йил ўтар-ўтмас вафот қилиб кетаётган эркакларни ҳам учратаяпмиз, дунёда. Агар улар иккинчига уйланиб қўйган бўлганларида, ана шу хотини билан ҳаётни келган жойидан бахтиёр ҳолда яна давом қилдириб кетаверган ва шу сабабли узоқ умр кўрган бўлармиди?!

Аёл-қизларнинг соғликлари борасида ҳам биз кўп қайғурамиз. Бугун кўкрак раки ёки жинсий аъзо ракига (ёки унинг бошланиши бўлмиш киста, миома, эрозия каби касалликларга) йўлиққан аёлларнинг жуда кўпайиб кетаётганлигининг сабабларини ҳам холис бир таҳлил қилмоқ керак. Маммалог мутахассисга ёки рак-саратон касалликлари бўйича мутахассис онкологга учрашган аёлларга гоҳида маслаҳат, гоҳида истеҳзо тариқасида: “Эрингиз йўқми? Эрингизнинг массажи бу борада энг яхши массаж. Эри бўлмагани учун шу хилдаги касалликка чалинган”, деган гаплар айтилгани бор ҳақиқатдир. Ҳали эри бўла туриб, эрлари салгина бепарволик ва ғайратсизлик кўрсатган аёллар шу хилдаги касалликларга чалинаётган экан, эри йўқ бева ва ёлғиз аёлларнинг ҳолини ким ўйлайди?! Уларни ҳам ғайратли, шижоатли, бақувват, куч-қувватга тўла эркалар ҳеч бўлмаса икки-уч кунда бир ҳалол йўл билан яхшилаб массаж қилиб турсалар, шу хилдаги давосиз касалликларнинг олди олинармиди?! Шу хилдаги мутахассисларнинг тавсиялари, маслаҳатлари билан иккинчи бўлиб бўлса-да, ўз ота-оналарига, ўз фарзандларига, ўз қариндош-уруғларига билдирмай бўлса-да, эрга тегиб олаётган аёлларнинг айби нимада?! Уларга эркак билан тез-тез қовушиб туриш, ўз эри қўлидан массаж олиш, турмушга чиқишга имом-домлалар маслаҳат бермаган, шу соҳанинг врач-акушер, маммалог, уролог, андролог, гинеколог, онколог каби мустахассислар маслаҳат ва тавсия қилганлиги ҳам айни ҳақиқатлардир!

Юқорида мен келтирган рақамлардан иборат хабарлар расмий маълумотларга асосланган эмас. Айрим ҳолларда, масалан, аборт масаласида расмий маълумотлар, аниқ рақамларни аниқлаш мумкин бўлмаган иш. Бироқ, юқоридаги хабарларнинг ярми тўғри деб баҳоланган тақдирда ҳам, қўшхотинлик муаммосини даврнинг ўзи тақозо қилаётганини англаш мумкин.

Демак, энди қўшхотинликнинг сабабини ва эҳтиёжини имом-домлаларга ағдариш мутлақо тўғри эмас! Уларнинг айримлари жамиятнинг айби, айримлари эркакнинг ўзида, айримлари хотинларнинг ўзида бўлишини ҳам ўйлаб кўриш керак.

“Шаръий никоҳ” нима ўзи?

Энди, айнан шаръий никоҳ ўқиш ҳақида. Иккинчига шаръий никоҳни ўқишда имом-домлаларни айбдор қилиб қўйиш қанчалик тўғри бўлади?!

Менинг ўзим ҳеч бир расмий имом-домланинг уйларда ёки масжидда бирорта эркакнинг иккинчи-учинчи хотинига шаръий никоҳ ўқиганини эшитган эмасман. Чунки, шаръий никоҳни имом-домла ўқисин, деган қоида йўқ. Мулла ўқисин, деган қоида ҳам йўқ. Исломда бундай қоиданинг ўзи йўқ!

Шаръий никоҳни ўқишнинг ўзи фарз! Лекин, бу фарзни имом-домла қилиши зарур ёки мулла ўтказиши лозим, деган қоида бўлган эмас, бундан кейин ҳам бўлмайди. Нима учун?

Чунки, шаръий никоҳ учун иккита гувоҳ олдида (вояга етган, мусулмон икки эркак ёки бир эркак ва иккита аёл) бўлажак эр: “Менга ўзингни хотинликка (ёки танмаҳрамликка) бағишладингми?”, деганида, бўлажак хотин: “Мен ўзимни сизга хотинликка (ёки танмаҳрамликка) бағишладим!”, деса бўлди. Мана шу шаръий никоҳ! Ишонмасангиз, бизнинг мазҳабимиздаги ҳанафий фиқҳига оид манбаларни: “Кифоя”ни, “Мухтасар ал-Виқоя”ни, “Ҳидоя”ни варақлаб кўринг. “Никоҳ хутбаси”ни ўқиш эса шарт эмас. У суннат амал бўлиб, уни эркакларимиз биринчи аёлга уйланганларида рисоладагидек амалга ошириб бўлганлар…

Демак, ҳақиқий “шаръий никоҳ” шундай экан, ундай кўпхотинликни, қўшхотинликни ёқтирадиганлар имом-домлаларнинг олдига бориб ўтиришмайди, кўчада скамейкада ўтириб ҳам ёки поездда, санаторийда ёки жамоат жойларида ҳам ана шу шаръий никоҳни амалга оширишлари мумкин. Зотан, ҳар бир имонли, эътиқодли мўъмин ва мўъмина ўзларига фарз бўлган “шаръий никоҳ”га боғланишга ўзларида мажбурият ҳис қиладилар. Кўп хотин олишга ўрганиб қолган бир йигит: “Мен тўртинчи хотинни олишда шаръий никоҳни биринчи хотинимдан бўлган, вояга етган икки ўғлим билан бирга ўқиганмиз!”, деган эди. Ҳақиқатдан ҳам, бу ерда имом-домланинг нима кераги бор?

Ана энди савол: қўшхотинликни, кўпхотинликни йўқотиш учун имом-домлаларимизни оқлармикин?! ЗАГС қоғозини сўраб-суриштириш ўзини оқлармикин?! Агар шундай қилиб қўйсак, жамиятда ғарб жамиятига ўхшаб зино ва бузуқликлар кўпайиб кетади-ку!

“Шаръий никоҳ”нинг турлари

Юқорида санаб ўтилган ҳанафий мазҳабининг энг мўътабар фиқҳий манбалари бўлмиш “Ҳидоя”, “Мухтасар ал-Виқоя” каби китобларда никоҳнинг “фузулий” деган тури ҳақида ҳам гап боради. Бундай никоҳ маросимида ҳатто эр ёки хотин иштирок қилиши шарт эмас. Унинг ўрнига, уларнинг мутлақо хабарисиз ҳам “вакил”лар ўзаро никоҳ қилиб қўйишлари мумкин. Аслида, аёлнинг: “Мен ўзимнинг никоҳ борасидаги бутун инон-ихтиёримни фалончига топширдим”, деб гувоҳлар олдида айтса, никоҳ вақтида аёлдан инон-ихтиёри сўраб ҳам ўтирилмайди, балки ўша ўз ихтиёрини топширган фалончи одамдан сўралади. Бу ерда ихтиёрни олган одам “вакил ота” дейилади. Бироқ, биз зикр қилаётган мана бу “фузулий” деган никоҳда ҳатто инон-ихтиёрни топшириш ҳам шарт қилинмаган. Бу бизнинг тилимиздаги “унаштириш” деган сўзга яқинроқ келади. Кейинчалик бу никоҳни эшитган эркак ёки хотин ушбу никоҳга рози бўлса, ўз-ўзидан никоҳ “шаръий”лашиб кетаверади.

Бизнинг давримизда эса имом-домлаларимизнинг мутлақо иштирокисиз ҳам ҳар хил, ажабтовур шаръий никоҳлар кўпайиб кетди. Мен бу ерда скайп орқали, интернет орқали, телефон орқали шаръий никоҳ қилишларни назарда тутаяпман. Скайпда бир-бирини кўриб туриб ёки телефонда бир-бирини кўриб ёхуд телефонда фақат овозларини эшитиб туриб, гувоҳлар иштирокида шаръий никоҳ қилиш ҳолатлари пайдо бўлганига ўн йиллар бўлди. Баъзи ҳозирги замон араб олимлари бу хилдаги никоҳларнинг дурустлигига фатволар ҳам бериб бўлишди. Ҳолбуки, бизнинг шайхларимиз, имом-домлаларимиз бундай никоҳларда “шаръий никоҳнинг руҳи йўқ”, деб туриб, уни нодуруст деб келмоқдалар. Бироқ, замонамиз ёшлари уйланишни истаб турган, турмуш қуришни ўзлари хоҳлаётганлар шайхларимизнинг ва имом-домлаларимиз гапларига қулоқ солиб ўтиришармиди?! Бу борада баъзи араб шайхлари уларнинг нафс ҳавосига мос келадиган чиройли фатволар чиқариб қўйган бўлишса! Қалбида имони бор одамлар қандай бўлмасин зино бўлиши мумкин бўлган ишни “шаръий”лаштириб ҳалол қилишга уринишлари табиий, аслида. Россияда юрган, Туркия ёки Хитойда юрган бир қанча одамларнинг Ўзбекистондаги қизлар ва бева – ёлғиз аёлларни шу тариқада никоҳ қилиб, ўз ёнларига чақириб олганларини кўп эшитганмиз. Бундан сал олдинроқ вақтларда ҳатто қамоқдаги йигитлар ўзлари олдига шу тариқада никоҳлаб, ҳужжатларини қинғир йўллар билан сохталаштириб, аёлларни чорлаб олган ҳолатлар ҳам қулоққа чалинган.

Ана энди, “шаръий никоҳ”ни таъқиқлаш билан муаммонинг олди олинармикин?!

Бизнинг давримизга келиб, никоҳнинг яна бир тури пайдо бўлди. Уни ҳам араб олимлари, аниқроғи, Саудияликлар “шаръий никоҳ” деб фатво бера бошладилар. Бу “мисёр” деб аталади. “Ислом фиқҳи академияси” ҳам унинг жоизлигига фатво берди. Бунда, бирорта эркак билан аёл олдиндан келишсаки, хотин маҳр олмасликка, нафақа олмасликка, уй-жой талаб қилмасликка, кечаси эрнинг хотин билан бирга бўлмаслигига рози бўлса, хотин ўз-ўзини боқишга, эрга оғирлигини ташламасликка, кечаси ўзи ўз уйида қолаверишига рози бўлса, имом-домлаларсиз гувоҳлар иштирокида ўзаро никоҳ қилишса, шу никоҳни “шаръий никоҳ” деб эътиборга ола бошлашди. Албатта, бизнинг имом-домлаларимиз бу никоҳда бир қанча зарарлар борлиги боис уни нодуруст деб келадилар. Бироқ, юқорида айтганимиздек, араб олимларига, хорижий уламолар гапларига ўрганиб қолганлар имом-домлаларимизга қараб ўтиришармиди?! Оддий рўзада саудияликларга эргашиб, биздан бир кун олдин рўза тутишга ёки рўзани очишга ўрганиб қолганларга мана бу “шаръий никоҳ”лари борасида нима дея оламиз?! Ана у ҳолда, араб диёрларида бугун жуда кўп учраётган “ҳалол ўйнаш”лар бизнинг юртларда ҳам кўпайиб кетмайдими?!

Тарихимизда кўпхотинлик

Аслида, битта никоҳликни мажбурий қилиш бизнинг ота-боболаримизнинг миллий қадриятларига тўғри келмайди, динимиз урф-одатларига ҳам мос эмас. Амир Темур соҳибқирон бобомизнинг тўртта хотини бўлганини, Заҳириддин Бобур ҳазратлари “Бобурнома”да ўзи олган хотинларини бирма-бир санаб ўтганини қоралай оламизми?! Хожа Аҳрор Валий қуддиса сирруҳунинг ҳам хотинлари кўп бўлган. Махдуми Аъзам Косоний қуддиса сирруҳу эса никоҳга оид махсус асарида тўрт хотин олишни “жомеъ” (“маънавий комиллик”) деб атаганларини бугун нима дея оламиз?!

“Менинг бобомнинг тўрт хотини бўлган, дадам бобомнинг тўртинчи хотинлари – бувижонимдан дунёга келганлар”, дейдиганларимиз ҳам орамизда йўқ эмас, ахир.

Бундай ҳолат мусулмонларнинг ўтмиш тарихларида жуда кўпдир. Айрим мутахассисларнинг айтишига қараганда, баъзи бир миллатларнинг йўқ бўлиб кетмаслигига қўшхотинлик ва кўпхотинлик, аниқроғи “шаръий никоҳ”лар сабабчи бўлган экан. Улар оилаларини катта қилиб, фарзандларни кўпайтириб, оилаларни тебратиш мақсадида жамиятда фаол бўлиб олган эканлар. Охирги йигирма йилда иккита урушни бошидан кечирган Чеченистон республикасида эркаклар сонининг камайиб кетганлиги сабабли, у ернинг ҳукумати томонидан кўпхотинлик давлат даражасида муҳим масала деб эътироф этилиб, кўпхотинликка даъват қилишга қаттиқ киришилган. Шунингдек, қозоқларни ҳам худди шундай қилиб, сақлаб қолингани ҳақида гап-сўзлар юради.

Хуллас, севимли адибимиз Абдулла Қодирий айтганларидек, “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир!”.

Ғарбда қўшхотинлик

Аслида, бир хотинликка қонунан мажбур қилиш ғарбнинг “маданият”и орқали бизга кириб келган. Ҳозирги масиҳийлик ва яҳудийликда иккинчи хотинга уйланишни ҳаром қилинган. Гарчи уларнинг асли ўзгартирилмаган, эски муқаддас илоҳий манбаларида кўп хотинликка рухсат берилган бўлса ҳам, бугун уларнинг қўлларидаги китобларида қўшхотинлик қораланади. Бутун дунёни ўзларининг миллий ва оммавий маданиятларига гирифтор қилишни кўзлаётган ана ўшалар минг йиллардан бери мусулмон бўлиб келган ислом динига эътиқод қилувчиларга ҳам қўшхотинликни, кўпхотинликни қоралаб кўрсатиб келадилар. Бугун мусулмонлар орасида қўшхотинликни “бало”, “хунук, ярамас ҳолат”, “иллат” деб юрганларнинг ўша ғарбликларнинг таъсирига тушганлигига шак-шубҳа қилмаса ҳам бўлади! Зеро, мусулмонлар нима учун унга амал қилишлари керак? Биз Ғарбнинг тараққиёти, техникаси, ривожланган илм-фанидан ўрнак ола биламиз. Лекин, динимиз, ахлоқимиз, миллий маданиятимиз, урф-одатимиз, оилавий муносабатларимизда улардан ўрнак олмаймиз, ололмаймиз! Аслида, улар оилавий муносабатларни биздан ўрганиб, тартибга солишлари лозим.

Ғарбликлар қўшхотинликни қоралаб, инкор қилиб келаётгани билан бирга, ўзларидаги қўшхотинликка бўлган талабни ва мавжуд эҳтиёжларни ҳаром йўллар билан қондиришга ҳаром йўлни қонунийлаштириш йўли билан эришганлар. Уларда фоҳишахоналар расмий қилиб очилган, фаҳш ишлар, аниқроғи зиноий қилмишларни ҳеч ким қораламайди. Меҳмонхоналарда фоҳишалар расман фаолият юритадилар. Фаҳшни тарғиб қиладиган, махсус ўргатадиган клублар фаолият юритади, фаҳшни тарғиб қилувчи кинолар, фильмларга бемалол йўл очилган, шундай ишлар учун керак бўладиган асбоб-ускуналар сотиладиган дўконлар бемалол ишлаб турибди. Тунги клублар, шаҳватларни қондиришнинг ҳар хил йўллари ўйлаб топилган. Эркаклар бир аёл билан расмий никоҳда туриб, бошқаси билан ҳам “дўст-дугона” тутиниб юраверади. Буларнинг биронтаси бизга тўғри келмайди: биз фоҳишахоналарни ёпдирамиз, фоҳишаликни қоралаймиз, шаҳватпарастликни, порнографияни тарғиб қилувчиларни таъқиб қиламиз, шаҳватларни қондиришнинг ҳаром ва жирканч йўлларини тўсамиз, фаҳш асбоб-усуналари сотиладиган дўконларни очдирмаймиз. Шундай эмасми?! Демак, шундай экан, шаҳватларни ҳалол йўл билан қондиришга, урф-одатимизга, миллий қадриятимизга, дин-диёнатимизга тўғри келадиган йўл билан қондиришга рухсат бериш керак эмасми?! Акс ҳолда, ғарбнинг ана шу жирканч йўллари биз истамасак-да, ўз-ўзидан кўпайиб-ривожланиб кетмайди, деб ким кафолат бера олади?! Фоҳишалар юртига, зинокорлар ўлкасига, валадизинолар мамлакатига айлантиришларига йўл қўя олмаймиз! Биз доимо қоралаб келаётган “оммавий маданият”га никоҳсиз шаҳватпарасликка гирифтор бўлиш ҳам киради.

Никоҳдаги адолатга нима деймиз?

Қуръони каримда икки ёки уч ёки тўрттага уйланишга рухсат берилган ояти карима давомида адолатли бўлишга тарғиб бор. Адолат ҳаётнинг барча жабҳаларида бўлгани каби никоҳда ҳам шартдир. Бироқ, бу никоҳнинг рукни эмас, балки унинг мукаммал ва комил бўлишининг шартидир. Саллали ҳолда намоз ўқиш унинг комиллигининг шарти бўлгани каби адолатли бўлиш никоҳнинг комиллигининг шарти ҳисобланади. Салласиз бошяланг намоз ўқиш макруҳ, лекин, у намознинг асли дуруст бўлишини йўққа чиқара олмайди. Рўзада ғийбат қилиш ҳаром, лекин у рўзани бузмайди. Маҳрамсиз аёлнинг ҳажга бориши ҳанафийлик мазҳабига кўра тўғри эмас. Лекин, маҳрамсиз ҳажга бориб келса, унинг ҳажини ҳеч ким қабул бўлмаган, дея олмайди. Худди шундай, никоҳда адолатсиз бўлиш ҳақиқатда гуноҳкорлик бўлиб, у ҳар кимнинг ўз иши. Шаръий никоҳ эса жамиятда бўлмоғи фарз бўлган исломий амалдир.

Аслида, адолат бир хотинлик кимсанинг ҳам мажбурияти бўлган шартдир. Топган-тутганининг маълум бир қисмини хотинидан яшириб, дўстлари ва ўйнашларига сарф қилаётган эркакни ҳам адолатсиз деймиз. Ўзи дўстлари ва ўйнашлари билан тоғга ёки боғга сайру саёҳат қилиб, фарзандлари ва хотинини уйда қолдириб кетишни одат қилган эркак адолатсиздир. Ойлигини бир кунда еб-ичиб, уйига қуруқ қўл билан қайтадиган алкаш-бефаросат эркак ҳам адолатсиздир. Бўлар-бўлмасга онасининг ёнини олиб, хотинига жабру зулм кўрсатаётган эрлар адолатсиздир. Уйида ўтириб олиб, хотинининг топган-тутгани билан умр кечираётган эркакни ҳам адолатсиз деймиз. Ўзи уйида фарзандларни боқиб қолиб, хотинини хорижга тижоратга юборган эркак ҳам адолатсиздир. Хотинининг ғарб ва хориж маданиятини тарғиб қилувчи сериалларни кўришга қўйиб бериб, ўзи ошхонада ўралашиб юрган эркак ҳам адолатсиздир. Мана, бир хотинликлар ҳам шаръан адолатсиз бўлар экан! Уларга ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти-ку!

Нима қилмоқ керак?

Аслида, бирор ишни таъқиқлаганда, унга қарши муносиб таклиф бўлмоғи шарт. Агар “шаръий никоҳ”ни таъқиқланадиган бўлса, нима таклиф қиламиз?! Одамлар зино қилиб юраверсинми, юртимизни зинокорлар юртига айлантирамизми?! Ҳафтасига ўнлаб фоҳишахоналарни ёпаётган вақтда-я! Юртимизда “шаръий никоҳ”ни йўқотиб, ўн йиллардан кейин ўн миллионларча валадизиноларни ҳосил қиламизми?! Нима қиламиз?

Агар дин давлатдан ажралган бўлса, давлат шаръий никоҳга қарамайдиган бўлса, у ҳолда нимага одамларнинг диний маросимларини адо қилишига аралашади?! Одамлар давлатнинг айтганини қилиб, битта никоҳдан ЗАГСдан ўтиб қўйишибди, энди диннинг талаби ва рухсати билан тўрттагача турмуш қурмоқчи бўлсалар, нимага давлат қонуни бунга дахл қилади?! Шаръий никоҳни таъқиқлаб қўйиш ёки чеклаш намозни таъқиқлаш ёки чеклаш билан баробар эмасми?!

Инсонда ақл-идрок билан бирга табиий шаҳватлар ҳам мавжуддир. У бу эҳтиёжларни табиий ва қонуний йўл билан қондиришга ҳақли. Жамият ахлоқига путур етказмайдиган, ўзининг виждонини қийнамайдиган, бошқалар олдида юзи шувут бўлмайдиган услубда ўз эҳтиёжларини адо қилиб юриши керак. Акс ҳолда, у бу бошболдоқсиз шаҳватларини худди ғарбликлар сингари бошқара олмай қолиши шак-шубҳасиздир. Бу шаҳватнинг йўлини эса қонун йўли билан тўсиб бўлмайди. Зотан, шаҳват эгалари бу борадаги чекловларни бузишда бунчалик устаси фаранг бўлиб кетмаган бўларди. Бу тўсиқ ва чекловга имом-домлаларимизни қалқон қилиш ўзини ҳеч қачон оқламайди. Зотан, юқорида кўриб чиққанимиздек, шаръий никоҳнинг, аниқроғи, қўшхотинликнинг имом-домлаларимиз иштирокисиз ўтказиладиган мингта усули бор экан!

Қўшхотинликнинг орқасидан баъзида биринчи оилаларнинг барбод бўлаётгани, уруш-жанжаллар юзага келаётгани, қуда-андачилик, қариндош-уруғчилик бузилиб кетаётгани, ажримлар сонининг ошиб кетгани, фарзандлар отасиз қолаётгани каби нохушликларни йўқотиш ва олдини олиш учун имом-домлаларни эмас, балки айнан шундай нохушликка сабаб бўлувчи эркакни айбдор қилиш мантиқан тўғрироқ бўлади. Бунинг учун, шаръий никоҳ ўқитган бўлсин, хоҳ ўқитмаган бўлсин, бу каби жанжаллик ҳолатларда унинг иккинчи ёки учинчи билан эр-хотин бўлиб яшаётгани исботланса, уйининг, машинасининг, мол-дунёсининг маълум қисмини мажбурий иккинчи ёки учинчи хотинга олиб беришни қонунга киритиш керак, менимча. “Мол аччиғи жон аччиғи!”, деганларидек, мол-дунёсидан ажралиб қолишдан қўрққан эркаклар ҳеч қачон бу хилдаги нохушликларга сабабчи бўлмайдилар. Бунинг учун биринчи хотинга ваколатни кўпроқ бериш мақсадида илк никоҳдаги аёл билан никоҳ шартномаси тузилаётганда, “Иккинчига уйланиш биринчининг расман розилиги билан бўлиши, акс ҳолда, барча мол-мулклар биринчида қолиши” шартномада кўрсатилиши мумкин.

Фарзандлар ҳаққини эса ҳар қандай ҳолатда тенг тақсимлаш чора-тадбирларини кўриш ҳам мумкин. Агар “шаръий никоҳ”нинг ўзини йўқотадиган бўлсак, оталик эътироф қилишини қабул қилмасак, баттар фарзандларни етимлик гирдобига улоқтирмаймизми?!

Шунингдек, олдинги даврларда бўлгани каби “ахлоқ қоидалари” ишлаб-чиқилиб, мансабдор ва мансаби бўлмаган шахслар ўз оиласида келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар чиқарган тақдирда уни жамоатга ошкор қилиш, ҳатто давлат ишидан олиниши ва ҳатто мажбурий меҳнатга жалб қилиниши каби жазолар ҳам қўлланиши мумкин. Буни демократияга зид дея кўрманг, бизнинг миллий-диний тарихимизда “сазойи” қилишлар бўлган. Биз бу борада миллий анъаналарга содиқ қолган ҳолда иш юритишга ҳақлимиз.

Мусулмонлар кўпчиликни ташкил қиладиган дунё мамлакатлари тажрибасидан ҳам унумли фойдалансак фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман. Масалан, аллақачон ривожланаётган давлатларнинг энг олдинги қаторидан ўрин олиб улгурган Малайзияда эркакнинг бойлиги маълум бир миқдорга етганда суд томонидан кейинги хотинни олишга рухсат берилади. Бу ҳолат эркакларнинг ижтимоий ҳаётда фаол ва тадбиркор бўлишга ундовчи омиллардан бири ҳисобланади.

Аслини олиб қараганда, жамиятдаги нохуш ҳолатларнинг келишига диний саводсизлик ва маърифий савиянинг пастлиги, миллий тарихимизни яхши билмаслигимиз сабабдир. Мактабларда ўқитиб келинаётган “Одобнома” дарсларининг бу борада мутлақо фойдаси тегмаяпти. Имом-домлаларимиз эса айнан шаръий никоҳ маросимларида ўн беш дақиқадан кўп иштирок қилмайдилар. Оилавий муносабатларнинг диний йўл-йўриқларини тушунтиришга бу муддат кифоя қилмайди, албатта. Шунинг учун, ФҲДЁ бўлимлари қошида ёш келин-куёвларга бағишланган махсус бир-икки ойлик диний профилактика курслари очиш, имом-домлаларимизга бу курсларни олиб боришларига имкон туғдириш ва бунда қатнашишни мажбурий қилиб қўйиш керакдир, балки. Унда, масалан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Бахтиёр оила” сингари китоблардан ўқув қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин.

Хулоса

Ислом дини Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга то қиёматгача берган таълимотидир. У ҳар қандай макон ва замонда инсон зотининг барча қатламларига, оқу қора, ёшу қари, бою камбағал, эркагу аёлга мувофиқ ва мос келадиган, ҳаётнинг барча қирраларини қамраб оладиган, инсониятни дунё ва охиратда саодатга элтадиган, одамлар орасида тенглик ва адолатни барпо қиладиган, уларнинг ҳуқуқларини баб-баробар ҳимоя қиладиган, минг йиллардан бери тажрибадан ўтган, бир сўз билан айтганда, нурли ҳаёт сари етаклайдиган буюк таълимотлар мажмуасидир. “Шаръий никоҳ” ана шу мажмуаларнинг, ушбу ҳуқуқларнинг энг олди ўринларидан жой олган. “Шаръий никоҳ” динимизнинг, мусулмончилигимизнинг минг йиллик анъанасидир. “Шаръий никоҳ” ўқитиш фарз амалдир. Фарз бўлганда ҳам, ҳар бир эркак ва аёлга фарзи айн қилинган ишдир. Мусулмонлик ғайрати ва ихлоси бор ҳар қандай эркак ва аёл “шаръий никоҳ”ни ҳар қандай ҳолатда ҳам амалга оширишни ўзининг бурчи ва вазифаси, деб билади.

Афсуски, исломнинг айрим ҳукм ва таълимотларига ғарбдаги мусташриқлардан тортиб, шарқдаги мустағрибларгача шубҳа билан қарайдиганлар топилиб туради. Улар орасида қўшхотинликни, бунинг орқасидан эса илоҳий “шаръий никоҳ”ни қоралайдиган, ёқтирмайдиганлари бор. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари ушбу қўшхотинликни, мана шу кўпхотинликни ҳаром йўллар, ношаръий ва ноанъанавий услублар билан амалга ошириб юрган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас. Зотан, бугунги қўшхотинлик ва кўпхотинлик давр тақозоси, жамият талаби бўлиши мумкин. “Шаръий никоҳ”нинг ўзи эса диний-миллий анъанамиздир. Динимиз нуқтаи назаридан шаръий бўлмиш никоҳнинг ўзини ёқтирмаслик ёки қоралаш мусулмон инсоннинг азиз имонига зарар етказиб қўйиши мумкин.

Қўшхотинлик орқасидан чиқаётган ҳар хил нохуш ҳолатларнинг олдини олишни имом-домлаларимизга “шаръий никоҳ” ўқишни таъқиқлаш билан амалга ошириб бўлмайди. Зотан, юқорида қайд қилганимиздек, “шаръий никоҳ” имом-домлаларимизсиз ҳам бемалол амалга ошириладиган жараёндир. Имом-домлалар ҳам бошқа ҳар бир мўъмин-мусулмонлар сингари фарз бўлмиш “шаръий никоҳ”ни табиий, қонуний ва шаръий бўлишини истайдилар, холос.

Демак, мақоламиз аввалида айтганимиздек, шариатимизда фарз қилинган, илоҳий қонун бўлган “шаръий никоҳ”ни эмас, жамиятнинг ва даврнинг ўзи тақозо қилаётган қўшхотинлик ва кўпхотинликнинг ўзини ҳам эмас, ундан келиб чиқадиган нохуш ҳолатларни, “иллат”ларни қоралаб, уларнинг олдини олишга ҳаракат қилмоғимиз керак! Шаръий никоҳ эса ҳар бир одамнинг ўз иши, ўз эътиқоди ва ўз аъмолидир.

Абдулғофур Муҳаммадиев
Manba: sof.uz
Просмотров: 2056 | Добавил: Sayyod_Bek | Рейтинг: 0.0/0
Eng ko'p o'qilganlar
Материалов за текущий период нет.
Homiladorlik Taqvimi
Saytdan izlash
So'rovnoma
Каердан сайтимизни Топдингиз?
Всего ответов: 110
Saytga Kirish

Hisobot


Reklama