23:11
Жинсий алоқа пайтидаги катта-кичик нохушликлар

Жинсий алоқа пайтидаги катта-кичик нохушликлар ҳақида аёлларнинг очиқ гапиришга уялишлари рост. Аммо бу жинсий ҳаёт сифати ва жуфтликларнинг ўзаро муносабатларига салбий маънода таъсир этаётган бўлса, албатта, чорасини кўриш зарур. Айниқса, жинсий яқинликка киришишдан қўрқиш, қориннинг пастки соҳаси, қинда оғриқ юзага келиши тез-тез такрорланаётган бўлса, мутахассисга мурожаат қилишдан асло чўчимаслик керак. Тиббиётда мазкур ҳолат вагинизм касаллиги номи билан юритилиб, бугунги кунда уни даволашнинг самарали усуллари мавжуд.

Вагинизм — нима?

Жинсий яқинликка киришишдан хавфсираш, алоқа вақти қин мушакларининг тортилиб, сиқилиши натижасида оғриқ юзага келишидир. Мазкур касаллик белгилари фақат жинсий яқинлик пайтида намоён бўлгани боис, кўпчилик аёллар уни жиддий қабул қилмай, жинсий аъзолар яллиғланиши билан адаштиришлари мумкин. Шунинг учун ҳам оғриқлар кузатилганида ёки ҳомиладор бўлолмасангиз, муаммонинг асл негизи билан дарҳол қизиқинг. Чунки жинсий алоқа вақтида тез-тез ва мунтазам такрорланувчи безовталиклар айнан вагинизм касаллигига хос бўлиб, тўлиқ даволанилмаса, жинсий ҳаёт сифатини ошириш ёки исталган ҳомиладорликка эришиш мушкул.
Сабаблари қандай?
Касалликнинг келиб чиқишига сабаблар турлича тахмин қилинса-да, асосий омил сифатида қўрқув, жинсий ҳаётдан хавфсираш, стресс, невроз ҳолатлари кўрсатилади. Вагинизм аксарият ҳолларда янги турмуш қурган жуфтликлар орасида кўпроқ кузатилади. Турмушга чиқмаган қизлар руҳиятидаги ўзгаришлар, биринчи никоҳ кечаси ҳақидаги ваҳимали ўйлар, жинсий ҳаёт тўғрисидаги нотўғри тасаввурлар ҳам касалликни юзага келтириши мумкин. Шу билан бирга жинсий аъзолардаги яллиғланишлар асорати ёки туғруқ жараёнидаги жароҳатлар таъсирида ҳам вагинизм пайдо бўлиши эҳтимоли бор.

Нималарда намоён бўлади?
Касаллик кечишига кўра, унинг уч даври мавжуд. Булар:
Енгил даража – жинсий яқинлик қилиш имконияти сақланиб қолинса-да, ёқимсиз ҳиссиётларнинг мавжудлиги, жинсий аъзолардаги оғриқлар, хоҳиш сўниб бориши;
Ўрта дажара – жинсий яқинликка киришиш жараёнида қин соҳасидаги оғриқнинг намоён бўлиши;
Оғир даража – жинсий яқинликка киришиш олдидан ҳатто бу ҳақда хаёл қилинса ҳам қин мушакларининг тортилиши ва қисилиши юзага келиб, бармоқ билан пайпаслаганда кучли оғриқ кузатилади.

Шуниси ҳам борки…

Мазкур хасталикка ташхис қўйишда унинг бирламчи ва иккиламчи турлари ҳам инобатга олинади. Хусусан:

Бирламчи вагинизм – илк жинсий яқинлик вақтидаги қўрқув, кучли ҳаяжон, хавфсираш натижасида юзага келиб, қин соҳасидаги оғриқлар билан кузатилади. Бунда жинсий алоқага киришиш мушкул. Одатда, касалликнинг мазкур тури билан оғриган аёллар гинекологик текширув чоғида ҳам ноқулайликларга дуч келишади, қолаверса, тампон гигиена воситаларидан фойдаланишда муаммолар борлигини эътироф этишади.
Иккиламчи вагинизм – жинсий ҳаёт бир маромда давом этиб, бу борада муаммолар бўлмайди. Касаллик жинсий аъзолар, пешоб ажралиши тизимидаги яллиғланишлар асорати, жинсий алоқа вақти эркакнинг қўпол ҳаракатланиши каби сабаблар туфайли юзага келади.
Давоси бор!
Касалликни даволашда аввал унинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилиб, шунга кўра, зарур муолажа танланади. Иккиламчи вагинизмда, асосан, яллиғланиш асоратини бартараф этишга эътибор қаратилиб, турли хил препаратлар буюрилади. Бирламчи кўринишида эса руҳиятга таъсир этиш орқали тасаввурдаги турли нохушлик ва безовталиклар бартараф этилиб, соғайишга эришиш мумкин. Бундай ҳолатларда гинеколог, сексапатолог ва психоневролог мутахассисларга мурожаат этиб, комплекс муолажалар олиш айни муддаодир. Муолажа давомида касалликнинг негизи асаб тизими билан боғлиқлиги аниқланса, тинчлантирувчи дори-дармонлар, массаж, физиотерапия усуллари қўлланади. Шу билан бирга сексапатолог шифокорнинг индивидуал сеанслари ҳам ўтказилади.
Муаммодан чўчиманг!
Мутахассислар бир марталик тўғри ва тўлиқ даволанишдан сўнг касаллик қайта безовта қилмаслигини таъкидлашади. Агар сизда мазкур касалликка доир белгилар кузатилаётган бўлса, бу ҳақда жуфтингиз билан суҳбатлашишдан чўчиманг. Негаки, муолажа давомийлигини таъминлаш ва мутахассислар кўригида эр-хотиннинг биргаликдаги иштироки муҳимдир.

Андролог-сексапатолог Рамазон Назаров тавсиялари асосида Маржона Раҳимова тайёрлади
Manba: darakchi.uz
Просмотров: 4583 | Добавил: Sayyod_Bek | Рейтинг: 0.0/0
Eng ko'p o'qilganlar
Материалов за текущий период нет.
Homiladorlik Taqvimi
Saytdan izlash
So'rovnoma
Saytning yangi ko'rinishi yoqdimi ?
Всего ответов: 3
Saytga Kirish

Hisobot


Reklama